Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2025, Тошкент вақти: 18:42

Исроил Эронга ҳарбий ҳужум бошлади


Исроил ҳаво ҳужумларига нишон бўлган Теҳрондаги турар-жой мавзеи.
Исроил ҳаво ҳужумларига нишон бўлган Теҳрондаги турар-жой мавзеи.

13 июнь куни Исроил Эроннинг қатор ядровий ва ҳарбий объектларига ҳужум қилди. "Қўзғалaётган шер операцияси" натижасида Ислом инқилоби посбонлари корпуси бош қўмондони, Қуролли кучлар Бош штаби раиси¸ Ҳаво мудофааси раҳбари¸ шунингдек, ядро физикаси бўйича олти етакчи олим ўлдирилди.

Исроилнинг 13 июнь кунги авиаҳужумлар натижасида Ислом инқилоби посбонлари корпуси (КСИР) бош қўмондони Ҳусейн Салами, Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари¸ генерал Моҳаммад Боғирий ва Ҳаво мудофааси раҳбари Голямали Рашид ҳалок бўлди. Шунингдек, ядро физикаси бўйича олти етакчи олимнинг ҳам ўлдирилгани хабар қилинди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бу амалиётни Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш дастурини тўхтатиш учун зарурат деб атади.

- Бугун тунда Исроил ўз сўзларини амал билан тасдиқлади. Биз Эроннинг ядровий дастури қалбига зарба бердик. Биз Эроннинг ядровий қурол яратиш дастурига зарба бердик. Биз Натанздаги асосий уран бойитиш мажмуаси ҳамда Эронда ядровий бомба устида ишлаётган етакчи олимларга зарба бердик.

Нишонга олинган жойлар қаторида Теҳрон, Тебриз, Исфаҳон, Натанз ва Керманшоҳ шаҳарларидаги ҳарбий базалар ва Натанздаги асосий уран бойитиш мажмуаси бор.

Исроил шунингдек, Эроннинг баллистик ракета заводлари ва ҳаво мудофааси тизимларига ҳам зарба берди.

Эрон матбуотига кўра¸ Теҳрондаги аҳоли турар жойларига ҳам зарба берилгани оқибатида камида 10 нафар тинч аҳоли ўлдирилган.

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Алий Хоманаий жамоатчиликка қилган мурожаатида бундай ҳужумга жазм қилган Исроилни “қаттиқ жазо” кутаётганини баён қилди.

- Сионистик режим бугун эрталаб севимли мамлакатимизда жиноят содир этиш учун ўзининг ифлос ва қонли қўлини очди ва аввалгидан ҳам кўпроқ аҳоли яшайдиган марказларга зарба бериш орқали ўзининг разил табиатини намоён қилди. Бу режимни қаттиқ жазо кутмоқда. Ислом Республикаси қуролли кучларининг қудратли қўли, Худо хоҳласа, бу режимни тинч қўймайди. Душман ҳужумларида бир неча қўмондон ва олим шаҳид бўлди. Уларнинг ўрнидаги ворислари ва ҳамкасблари, Худо хоҳласа, дарҳол ўз вазифаларини давом эттирадилар. Бу жиноят билан сионистик режим ўзини аччиқ ва оғриқли тақдирга маҳкум этди ва албатта, бу тақдирни бошидан кечиради.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг Эронга уюштирган ҳужумларини «бир томонлама ҳаракатлар» деб атади ва Вашингтон бу ҳужумларда иштирок этмаганини билдирди. Шунингдек, у Теҳронни АҚШ манфаатларига ҳужум қилишдан сақланишга чақирди.

Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Натанздаги заводда воқеа рўй берганини тасдиқлади, бироқ радиация даражаси ошмаганини билдирди.

Исроилнинг ҳаво зарбалари ортидан 13 июнь куни Эрон матбуоти ўлдирилган генераллар ўрнига янги раҳбарлар тайинланганини хабар қилди.

Айтилишича¸ Ҳарбий денгиз қўшинлари қўмондони Ҳабибуллоҳ Саййорий Қуролли кучлар Бош штаби раҳбари¸ генерал Моҳаммад Боғирий ўрнига¸ Ички ишлар вазири Аҳмад Ваҳидий эса Ислом инқилоби посбонлари корпуси бош қўмондони лавозимига тайинланган.


Форум

XS
SM
MD
LG